
Ижтимоий тармоқларда Республика перинатал марказида имтиёзли йўлланма (ордер) асосида даволанаётган беморларга тиббий хизматлар пулли амалга оширилаётгани, муассасада фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари орасида беморлардан пора олиш авж олгани ҳақида аудиомурожаат тарқалди.
Шунингдек, мурожаат эгаси шифохонада шифокорлар томонидан 1 млн. сўмгача суюнчи пули мажбурлаб сўраб олинаётгани, агар ушбу пул берилмаса, она ва болага эътибор берилмаслигини маълум қилган.
Республика перинатал маркази ушбу мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Маълумки, Республика перинатал маркази (РПМ) перинатология, неонатология ва неонатал хирургия йўналишидаги мамлакатимизнинг энг илғор ва етакчи тиббиёт муассасаларидан бири бўлиб, мазкур марказ Соғлиқни сақлаш вазирининг 2001 йил 30 ноябрдаги 532-сонли буйруғига мувофиқ ўз фаолияти йўналиши бўйича даволаш-профилактика ва илмий-услубий фаолият олиб борувчи ҳамда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи мустақил давлат тиббиёт ташкилоти сифатида ташкил этилган.
Юртимизда перинатал ёрдам дунёнинг ривожланган давлатлари қатори худудийлаштирилгани боис Республика перинатал маркази энг юқори – 3 даражали тиббий ёрдам кўрсатиладиган муассаса ҳисобланади.
Айни пайтда ушбу марказга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож аёллар ва чақалоқлар қабул қилинади.
Мазкур тиббиёт муассасасида йилига 6000 дан зиёд туғуруқ амалга оширилиб, хусусан, ўтган 2021 йил 1784 та юрак қон-томир касалликлари, 422 та буйрак хасталиклари, 125 та қандли диабет, 246 жигар, 186 нафас йўллари, 1120 та преэклампсия касаллиги бўлган аёлларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилган.
Марказ энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу жаҳон стандартлари асосида тиббий ёрдам беришни таъминлайди. Қолаверса, бу ерда перинатал технологияларни қўллаш ҳомиладор аёллар ва чақалоқлардаги муаммоларни асоратсиз даволашга замин яратади. РПМнинг неонатология бўлимларида йилига 1500дан ортиқ муддатдан олдин туғилган чақалоқларга интенсив ёрдам берилади ва энг замонавий тиббий асбоблар ва ускуналар ёрдамида парвариш қилинади.
Энг муҳими, марказда имтиёзли беморларга барча тиббий хизматлар йўлланма (ордер) асосида бепул амалга оширилади. Шу билан бирга, муассасада фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашиши, уларнинг таъмагирлик қилиш каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслиги борасида мунтазам огоҳлантиришлар бериб борилади.
Бундан ташқари, марказнинг шифокор ва ҳамширалари томонидан бу ерда даволанаётган аёллар ва уларнинг яқинларидан суюнчи пули олишга йўл қўйилмаслиги борасида ишлар олиб борилмоқда.
Шундай экан, юқоридаги аудиомурожаатда келтирилган барча важлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қиламиз.
Республика перинатал маркази